Марказий банк давлат қимматли қоғозларини жойлаштириш бўйича аукцион натижаларини эълон қилди

Ўзбекистон Марказий банки муомала даври 12 ой бўлган давлат қимматли қоғозларни жойлаштириш бўйича 2019 йил 8 май куни ўтказилган аукцион натижалари ҳақида маълумот берди.

Жорий йилнинг 8 май куни Марказий банк томонидан Молия вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистон валюта биржасида муомала даври 12 ой бўлган 1 миллион сўм номинал қийматга эга, умумий ҳажми 100 миллиард сўмлик 100 минг дона давлат қимматли қоғозларини жойлаштириш бўйича аукцион савдолари ўтказилган.

Қимматли қоғозлар бўйича фоиз тўловлари ҳар чоракда амалга оширилади.

Аукционда 9 та дилер иштирок этган бўлиб, улар томонидан 509 миллиард сўм ҳажмидаги 494 050 дона облигацияни сотиб олиш учун рақобатли буюртманомалар таклиф этилди.

Аукцион давомида 100 000 дона қимматли қоғоз 104,1 миллиард сўм қийматида жойлаштирилди (чиқарилиш умумий ҳажмининг 100 фоизи).

Аукционда жойлаштирилган давлат қимматли қоғозларнинг сўндириладиган умумий ҳажми 115 миллиард сўмни ташкил этади.

Қимматли қоғозларнинг ўртача тортилган даромадлилиги йиллик 10,47 фоизни ташкил этди, бунда минимал даромадлилик даражаси 10,05 фоизни ва чегириш нарх бўйича максимал даромадлилик даражаси 11,64 фоизни ташкил қилади.